Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

17 Октябрь 2020

“Технопарк” МЧЖдаги “Базальт изоляцион материаллари ишлаб чиқариш” мажмуасини KNAUF компаниясига сотиш бўйича келишувга эришилди

Жорий йил 16 октябрь куни Тошкент шаҳрида KNAUF компанияси (Германия)нинг Ўзбекистондаги  шуъба корхонаси ва “Технопарк” МЧЖ ўртасида Технопарк ҳудудидаги “Базальт изоляцион материаллари ишлаб чиқариш” мажмуасини сотиб олиш бўйича битим имзоланди.

Мазкур битим 2023 йил май ойида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Германия Федератив Республикасига олий даражадаги ташрифи давомида ўтказилган Германия-Ўзбекистон бизнес-форумида имзоланган Ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги келишув доирасида амалга оширилди.

2022 йилнинг охирида Тошкент шаҳрида ишга туширилган мажмуа замонавий энергия тежамкор қурилиш жараёни учун тош минерал пахтадан кенг ассортиментдаги кам углеродли иссиқлик изоляцияловчи материаллар ишлаб чиқаради.

Мажмуани баҳолаш ишлари “PricewaterhouseCoopers” ҳамда “ДРТ” МЧЖ (собиқ “Deloitte Touche”) компаниялари томонидан амалга оширилган.

“Мазкур келишув янги минтақада изоляция материалларини ишлаб чиқаришга доир фаолиятимизни салмоқли даражада кенгайтиради. Марказий Осиё ўзининг жадал ривожланаётган қурилиш бозори ва энергия самарадорлигига бераётган жиддий аҳамияти туфайли барқарор, қулай ва энергия тежамкор биноларни қуриш учун ўз синфида аъло ҳисобланган материалларни талаб қилади. KNAUFнинг минерал пахта билан изоляциялашга оид халқаро тажрибасини қўллаган ҳолда, бизнинг Марказий Осиёдаги мижозларимиз эндиликда унумдор ечимларнинг янада кенг қаторидан фойдаланиб, компаниямизнинг минтақадаги етакчилигини мустаҳкамлашга ёрдам берадилар, шунингдек, турли эҳтиёж ва талабларга мос маҳсулотларни таклиф қилган ҳолда, аъло сифатли биноларнинг қурилишига ҳисса қўшадилар”, — деб таъкидлаб ўтди KNAUF гуруҳининг Бош ҳамкорлари спикери Александр Кнауф.

Мазкур ҳамкорлик илғор эритиш технологияси билан жиҳозланган ҳамда паст СО2 чиқинди даражасини таъминлайдиган ишлаб чиқариш линиясини қамраб олади.

Маълумот учун: KNAUF Group — халқаро оилавий компания бўлиб, Германиянинг Ипхофен (Франкония) шаҳрида жойлашган. Қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчиси сифатида жаҳоннинг 90 дан ортиқ мамлакатларида 300 дан зиёд ишлаб чиқариш майдонлари ва савдо ваколатхоналарига эга. Гипс асосида қурилиш материаллари, энергия тежамкор изоляциялар ва изоляцион материаллар бўйича дунёнинг етакчи ишлаб чиқарувчиси саналади. 1932 йилда асос солинган KNAUF гуруҳининг 2023 йилдаги савдо ҳажми 15,6 млрд еврога етди, компанияда 42500 нафардан ортиқ киши фаолият юритади.

 

4110 Чоп этиш