Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

23 Апрель 2025

Хусусийлаштириш жараёнлари янада жадаллаштирилади. 2025 йилги хусусийлаштириш дастури қабул қилинди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 21 апрельдаги “2025 йил учун хусусийлаштириш дастури тўғрисида”ги Фармони имзоланди.

Биринчидан, Фармон билан қуйидагилар тасдиқланмоқда:

115 та корхонадаги давлат акция пакетлари (улушлари) оммавий савдоларга чиқарилади;

  • 659 та кўчмас мулк объекти оммавий савдоларга чиқарилади;
  • 6100 гектар ер участкалари аукцион савдоларига чиқарилади;
  • 30 та асосий турдаги фойдали қазилма кон ва участкалари қазиб олиш учун фойдаланиш ҳуқуқи электрон онлайн-аукцион савдоларига чиқарилади.

Иккинчидан, давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини қисқартириш мақсадида қуйидагилар белгиланмоқда:

2030 йил 1 январга қадар давлат иштирокидаги корхоналарни (мудофаа ва хавфсизлик билан боғлиқ корхоналар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно) ташкил этишга мораторий жорий қилинади;

республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан кўчмас мулк сотиб олиш, давлат функциясига ва давлат мулкига эгалик қилиш мезонларига мос бўлмаган корхоналарни ташкил этиш ташаббуси билан чиқишга йўл қўйилмайди;

бозорлар ва савдо мажмуалари устав капиталида маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг мажбурий иштирок этиши тўғрисидаги талаб бекор қилинади;

2025 йил 1 майга қадар вазирлик ва идоралар раҳбарларининг хусусийлаштириш ва давлат-хусусий шериклик масалалари билан шахсан шуғулланадиган ўринбосарлари рўйхати тасдиқланади.

Учинчидан, хусусийлаштириш ва давлат мулкини ижарага олиш бўйича қуйидаги имтиёзлар белгиланмоқда:

майдони 10 минг кв.м.гача бўлган давлат мулки объектлари Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартиб асосида юқори технологияли маҳсулот ишлаб чиқарадиган тадбиркорлик субъектларига 5 йил муддатга тўғридан-тўғри текин фойдаланишга берилади ҳамда шартнома шартлари бажарилган тақдирда ушбу тадбиркорлик субъектларига баҳоланган қийматда тўғридан-тўғри сотилади;

бошланғич нархини босқичма-босқич пасайтириш механизми қўллангандан кейин ҳам бир йилдан ортиқ муддатда сотилмаган ва харидорлар учун жозибадор бўлмаган кўчмас мулк объектлари бошқа юридик шахсларнинг устав капиталига улуш сифатида киритилади;

Тўртинчидан, ер участкалари сотилишини жадаллаштириш мақсадида қуйидагилар белгиланмоқда:

очиқ электрон онлайн аукцион савдолари орқали ижара ҳуқуқи асосида сотиб олинган қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкалари (агар улар реализация қилинганидан кейин тасдиқланган бош режа, аҳоли пунктлари қисмларини батафсил режалаштириш лойиҳалари ёки ҳудудларни комплекс ривожлантириш ва режалаштириш бўйича бошқа ҳужжатларга мувофиқ бўлса ва ер ижара шартномасида бошқа шартлар назарда тутилмаган бўлса) тўловлар тўлиқ тўланганидан сўнг Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва (ёки) юридик шахслари томонидан хусусийлаштирилишига йўл қўйилади;

маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан электрон онлайн аукцион савдоларига чиқариладиган ер участкалари, устувор равишда, фаолиятини кенгайтириш истагида ва тайёр лойиҳаси бўлган тадбиркорлик субъектлари таклиф билдирган жойлардан танланади;

электрон онлайн аукцион савдоларида турган майдони кичик бўлган ёнма-ён турган ер участкалари шаҳарсозлик нормаларидан келиб чиққан ҳолда бирлаштирилиб, қўшимча келишувларсиз қайта аукцион савдоларига чиқарилади.

Бешинчидан, давлат мулкини ижарага бериш тартибини такомиллаштириш мақсадида қуйидагилар белгиланмоқда:

ижара шартномаси тузилган кундан бошлаб ижарага олувчи томонидан йиллик ижара тўловлари бир ой давомида тўланган тақдирда, унга йиллик ижара суммасидан мазкур шартнома тузилган санадаги Марказий банкнинг асосий ставкаси миқдорида чегирма берилади (бундан чегирма қўлламаслик шарти билан ижарага берилган, бир йилдан кам муддатга тузилган ва бошқа имтиёзлар қўлланган ижара шартномалари мустасно);

олти ой давомида электрон онлайн аукцион савдоларида ижарага берилмаган объектларнинг бошланғич нархи 50 фоиз пасайтирилган қийматда белгиланади. Бунда, бошланғич нарх пасайтирилганда ҳам ижарага берилмаса, ушбу аукцион унда бир иштирокчи қатнашган тақдирда ҳам, истисно тариқасида, ўтказилган деб ҳисобланади;

Тошкент ва Нукус шаҳарлари, вилоятлар, туман ва шаҳар марказларидаги давлат ташкилотлари ва давлат иштирокидаги корхоналар маъмурий биноларининг биринчи қавати бўшатилиб, электрон онлайн аукцион орқали тадбиркорлик субъектларига савдо ва сервис объектларини ташкил этиш учун ижарага берилади.

Олтинчидан, давлат мулкини бошқариш ва сотиш тартибини такомиллаштириш мақсадида қуйидагилар белгиланмоқда:

Савдо-саноат палатасининг ҳудудий бўлинмалари ҳамда маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳокимларининг ёрдамчилари аризаси асосида сотилган бўш турган давлат кўчмас мулк объектларини сотишдан тушган маблағларнинг бошланғич нархидан ошган қисмининг 10 фоизи тегишлича Савдо-саноат палатасига ёки ҳоким ёрдамчиларини рағбатлантириш учун тегишли жамғармага ва объект жойлашган маҳалла фуқаролар йиғинига тенг улушларда ўтказиб берилади;

оммавий савдоларда икки ойдан ортиқ муддатда сотилмаган давлат кўчмас мулк объектларини (Тошкент ва Нукус шаҳарлари, вилоятлар марказларидаги объектлар бундан мустасно) сотишни жадаллаштириш мақсадида, “E-auksion” электрон савдо платформасида аккредитациядан ўтган риэлторлик ташкилотлари Давактив агентлиги томонидан хизмат кўрсатиш шартномаси асосида жалб этилади;

давлат улушлари хусусийлаштиришнинг камида 2 та усулидан фойдаланганда ҳам олти ой муддат давомида сотилмаган тақдирда, хусусийлаштириш соҳасидаги ваколатли давлат органининг қарорига кўра акциядорлар (иштирокчилар) рўйхатидан чиқиш ёки тугатиш ташаббуси билан чиқилади;

давлат мулкини хусусийлаштириш дастури қабул қилинган кундан эътиборан хусусийлаштириладиган давлат мулкини бошқа шахсга ўтказишҳисобдан чиқаришгаровга қўйиш ёки бошқача тарзда тасарруф этиш, уларни хатлаш ва мажбурий реализация қилиш тақиқланади;

2025 йил 1 октябрдан бошлаб эгасиз кўчмас мулк объектларини давлат мулки объекти сифатида давлат рўйхатига олиш бўйича мурожаатлар тегишли судга Давлат активлари агентлиги томонидан киритилади.

218 Чоп этиш