Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

13 Ноябрь 2024

“Ўзтемирйўлконтейнер” АЖ устав капиталидаги 35,0 фоиз давлат акциялар пакети хусусийлаштириш бўйича келишувга эришилди

Аввал маълум қилинганидек, тегишли хусусийлаштириш дастурларига мувофиқ, Давактив агентлиги томонидан “Alkes Research” консалтинг компаниясини хусусийлаштириш бўйича консультант сифатида жалб қилган ҳолда “Oʻztemiryoʻlkonteyner” АЖ (кейинги ўринларда - Корхона) устав капиталидаги 35,0 фоиз давлат акциялар пакетини сотиш бўйича очиқ савдо  жараёнлари бошланган.

Хусусийлаштириш жараёни доирасида, Консультант томонидан кенг қамровли маркетинг ишлари амалга оширилди, жумладан, инвестиция тизерлари салоҳиятли инвесторларга юборилди. Натижада, МДҲ, Араб, Жануби-Шарқий Осиё ва Европа давлатларидаги 6 нафар халқаро ва маҳаллий инвесторлар томонидан сотиб олиш бўйича қизиқиш билдириш тўғрисидаги аризалар (Expression of Interest) Консультантга келиб тушди.

Шу ўринда, Консультант томонидан мазкур босқичда аввалдан белгиланган мезонларга мувофиқ бўлган 5 нафар талабгор хусусийлаштириш жараёнининг кейинги – Мажбуриятга эга бўлган таклифлар (BO)ни тақдим этиш босқичида иштирок этиш учун таклиф қилинди.

Ушбу босқичда, талабгорлар билан Ахборотни ошкор этмаслик тўғрисидаги битим (NDA) имзоланиб, Консультант томонидан тайёрланган Корхонанинг молиявий, солиқ, ҳуқуқий ва экологик фаолияти юзасидан комплекс таҳлил (due diligence) ҳисоботлари жойлаштирилган виртуал маълумотлар хонаси (VDR)га кириш ва Корхонанинг бошқарув органи билан учрашиш имконияти яратилди.

Белгиланган муддатларда 3 нафар талабгор томонидан Мажбуриятга эга бўлган таклифлар (BO) тақдим қилинган.

Натижада, Корхонани сотиб олиш учун энг юқори нарх таклифини билдирган “COTTON LOGISTICS” МЧЖ 200 млрд.сўм миқдорида сотиб олиш тўловини тўлаш шарти билан савдо ғолиби деб топилди.

Харидор томонидан келажакда Корхонанинг бизнес жараёнларини рақамлаштириш ва республиканинг транзит салоҳиятидан самарали фойдаланиш, юк ташишда таннарх ва харажатларни камайтириш, шунингдек, корхона фаолиятига замонавий корпоратив бошқарув тизимларини жорий этиш ва барқарор ривожлантиришни таъминлаш режалаштирилган.

Шунингдек, Харидорнинг таклифи Консультант томонидан ҳисобланган Корхонанинг индикатив нархлар оралиғининг юқори қисмида жойлашган ҳамда Корхонанинг баҳоланган қийматидан юқори.

Корхонани хусусийлаштириш натижалари Давлат активларини хусусийлаштириш ва хусусийлаштириш жараёнларини мувофиқлаштириш давлат комиссиясининг тегишли қарори билан маъқулланган.

Таъкидлаш жоизки, тегишли хусусийлаштириш дастурларига мувофиқ "Халқчил IPO" дастури доирасида “Oʻztemiryoʻlkonteyner” АЖнинг 4 фоиз акцияларини маҳаллий фонд бозорида оммавий таклифи ўтказилиши белгиланган.

Маълумот учун: “COTTON LOGISTICS” МЧЖ – Ўзбекистоннинг энг йирик транспорт-логистика компанияларидан бири бўлиб, юк айланмаси 1 миллион тоннани ташкил этади. Компания ўзининг 480 та вагондан иборат шахсий ҳаракат таркиби паркига эга. Шунингдек, компания бошқарувида 1000 дан ортиқ ҳаракат таркиби мавжуд.

4719 Чоп этиш